Теримчилар оладиган даромаддан солиқ ҳисобланмайди​

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳудудий Кенгашлари томонидан 2018 йилги пахта йиғим-теримида иштирок этиш истагида бўлган ёшлардан иборат "Фидойи ёшлар" отрядлари тузилди.

 

Шу кунга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларда тузилган 183 отрядларга жами 29 минг 615 нафар ёшлар аъзо бўлган. Ушбу отрядларга Ёшлар иттифоқининг ҳудудий Кенгаши раислари раҳбарлик қилади.

Ташкилот қошидаги Ёш фермерлар кенгаши матбуот хизматининг маълум қилишича, ҳозирда теримчилар учун ётоқхоналарда зарур шароитлар яратиш, узоқ ҳудудлардаги пахта далаларига борадиган отрядлар учун транспорт воситаларини таъминлаш, маданий дастурларни режалаштириш, тиббий хизмат кўрсатиш ҳамда хавфсизликни таъминлаш билан боғлик ишлар олиб борилмоқда.

Маълумки, ўтган йилдан бошлаб доимий иш билан банд бўлмаган ёшларнинг пахта теримида иштирок этган вақти иш стажи сифатида ҳисобланиши белгиланган. Шунингдек, теримчиларнинг оладиган даромадидан солиқ ҳисобланмайди.

Эслатиб ўтамиз, жорий мавсумда пахта хомашёси машинада терилганда, бир тонна учун 400 минг сўм, қўлда терилган бир килограмм пахта учун 650 сўмдан 1000 сўмгача ҳақ тўланиши белгиланган.

ЎзА