Таклиф этилаётган солиқ концепцияси амалдаги солиқ тизимидан нимаси билан фарқ қилади?

Президентимизнинг 2018 йил 13 февралдаги "Солиқ қонунчилигини тубдан такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармойишига мувофиқ, ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси солиқ тизими­ни ислоҳ қилиш концепциясининг лойиҳаси кенг жамоатчилик, тадбиркорлик субъектлари вакиллари, иқтисодчи экспертлар томонидан қизғин муҳокама этилмоқда.

 

 Шуни айтиш керакки, ижтимоий тар­моқларда билдирилаётган фикр ва му­лоҳазаларда юртдошларимизнинг аксарияти солиқ тизимида амалга оши­рилаётган ислоҳотларнинг долзарблиги­ни таъкидлаган ҳолда таклиф этилаётган ўзгаришларни ижобий қарши олаётган бўлса, айримлар ўзларининг бу борадаги танқидий фикрларини ҳам баён этмоқда.

Албатта, ҳар бир шахс мустақил, эркин фикр билдириш ҳуқуқига эга. Концепция лойиҳасининг умумхалқ муҳокамасига қўйилишидан кўзланган асосий мақсад ҳам хилма-хил қараш ва билдирилаётган фикрлардан энг мақбулларини саралаб олиш ҳамда солиқ қонунчилиги ва маъ­муриятчилигини ривожлантиришга қара­тилган таклифлар ишлаб чиқишдан ибо­рат.

Хўш, таклиф этилаётган солиқ тизи­мини ислоҳ қилиш Концепциясида бел­гиланган ўзгартиришлар бугунги кунда амалдаги солиқ тизимидан қандай хусу­сиятлари билан фарқ қилади ҳамда улар тадбиркорлик ривожи ва оддий фуқаро­ларимиз учун нимаси билан аҳамиятли? Қуйида яна бир бор шу ҳақда мушоҳада юритамиз.

Ишлаб чиқилган Концепцияда со­лиқларни:

- соддалаштириш;

- сонини қисқартириш;

- ставкаларини пасайтириш асосий йўналишлар этиб белгиланган.

Бундан кўзланган пировард натижа иқтисодиётда солиқ юкини пасайтириш орқали рақобатбардошлик­ни ошириш ва инвестицияларни жалб этишга имко­ният яратишдир.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Солиқ ко­дексининг 23-моддасига асосан республикамизда 19 та турдаги солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар мав­жуд бўлса, эндиликда юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, ягона солиқ тўлови, қўшимча фойда со­лиғи, пенсия жамғармасига суғурта бадали, ягона ижти­моий тўлов ва бюджетдан ташқари мажбурий ажрат­маларнинг бекор қилиниши кутилмоқда.

Солиқ турларини қисқартириш билан бир қаторда уларнинг ставкаларини ҳам кескин пасайтириш кўзда тутилмоқда. Биргина маҳсулот ва хизматлар нархини белгилашга бевосита таъсир кўрсатувчи қўшилган қий­мат солиғи ставкасини амалдаги 20 фоиздан 12 фоиз­га пасайтириш белгиланган. Бу дунёдаги энг паст кўр­саткичлардан бири ҳисобланади.

ҚҚС (қўшилган қиймат солиғи) ставкасининг кирити­лиши ва паст миқдорда ўрнатилиши қандай самара бера­ди? Бунда, иқтисодиётда ҚҚС узилиши тушунчаси йўқо­лади, яъни маҳсулот ишлаб чиқарувчи (етказиб берувчи) ҚҚС тўловчи бўлганда, ҚҚС суммаси маҳсулот таннархи­га киритилмайди ва солиқдан солиқ олиш бартараф эти­лади (ҚҚС таннархга киритилганда ушбу суммадан ҳам ЯСТ олинади).


Хорижий мамлакатларда қўшилган қиймат солиғи ставкалари

Давлатлар номи

ҚҚС ставкаси (фоизда)

Австрия

20

Белоруссия

20

Буюк Британия

20

Германия

19

Испания

21

Италия

22

Португалия

23

Россия

18

Туркия

18

Франция

20

Швеция

25

Эстония

20

Музаффар Юсуф НАЗАРОВ,
Давлат солиқ қўмитасининг Жамоатчилик билан алоқалар
ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи