Тадбиркорлар онлайн назорат-касса машиналарини синовдан ўтказишади

Республикамизда синов лойиҳаси даврида 500 нафар тадбиркорга фискал маълумотлар оператори хизматлари ва техник хизмат кўрсатиш таъминланган ҳолда онлайн тартибда ишловчи назорат-касса машиналари бепул тақдим этилади.

 

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 сентябрдаги "Фискал хотирали назо­рат-касса машиналарини қўллаш тарти­бини янада такомиллаштириш чора-тад­бирлари тўғрисида"ги ПҚ-3300-сонли қарори доирасида амалга оширилиши белгиланган вазифаларга бағишланган видео-конференцияда шу ҳақда маълу­мот берилди.

Тадбирда 300 дан ортиқ тадбиркор­лар, техник хизмат кўрсатиш вакиллари ва назорат-касса машиналарини маҳал­лий ишлаб чиқарувчилари, шунингдек, фискал маълумотлар оператори вази­фасини бажарувчи компания вакилла­ри иштирок этди.

Видео-конференцияда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар давлат солиқ бошқармалари вакиллари ва тад­биркорлар ҳам бевосита қатнашди.

Таъкидланганидек, ушбу синов лойиҳаси жорий йилнинг 1 июлига қадар да­вом этади, синовдан ўтказиш учун жами бўлиб 500-1000 та онлайн назорат-кас­са машиналарини тарқатиш режалашти­рилган.

Пойтахтимизда чакана савдо фао­лияти билан шуғулланаётган ва назо­рат-касса машиналаридан фойдалана­ётган юридик шахслар синов лойиҳаси иштирокчиси бўлиши мумкин.


Онлайн назорат-касса машинаси бўйича тажриба-синов тариқасидаги лойиҳада иштирок этиш учун:

• https://onlinekassa.uz порталида лойиҳада иштирок этиш учун талабнома расмийлаштириш;

• хизмат кўрсатиш марказини танлаш;

• https://ofd.uz орқали фискал маълумотлар операторига уланиш;

• онлайн назорат-касса машинаси билан ишлашни бошлаш лозим.


Онлайн назорат-касса машиналари нақд пул тушумларининг камайиши, ха­ридорларга чекларни бермаслик, фискал хотирали машиналар маълумот­ларини ўзгартириш, ускуна йўқолган тақдирда, товар айланмаси ҳақидаги маълумотларни сохталаштириш каби ҳолатларнинг олдини олади.


Тадбиркорлар учун онлайн назорат- касса машинаси бўйича тажриба-синов тариқасидаги лойиҳа доирасида тақдим этиладиган преференциялар

Тажриба-синов тариқасидаги лойиҳани амалга ошириш мобайнида дастлабки 500 нафар тадбиркорларга:

• янги онлайн назорат-касса машиналари;

• фискал маълумотлар оператори хизматлари;

• назорат касса-машинасини улаш хизмати ҳамда техник хизмат кўрсатиш бепул тақдим этилади.


Онлайн назорат-касса машиналари нафақат савдо нуқталаридаги тушумлар­ни назорат қилиш, балки ҳудудларда ай­рим турдаги маҳсулотлар нархларини, уларнинг сотилиш ҳажмларини таҳлил қилиш, нархларнинг сунъий равишда кўтарилиши ёки туширилиши сабабла­рини ўрганишга ҳам ёрдам беради.

Тадбир давомида мутахассислар то­монидан иштирокчиларга онлайн назо­рат-касса машиналаридан фойдаланиш тартиб-қоидалари юзасидан кўргазмали воситалар асосида тушунтириш берил­ди. Шунингдек, улар мавзу юзасидан ўз­ларини қизиқтирган саволларга батаф­сил жавоб олишди.

Давлат солиқ қўмитаси Жамоатчилик билан алоқалар
ва ҳуқуқий ахборот бўлими