Солиқ ислоҳоти концепцияси лойиҳаси муҳокамага қўйилди

2018 йил 29 март куни пойтахтимиздаги "Ўзэкспомарказ" миллий кўргазмалар мажмуида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси солиқбюджет сиёсатини такомиллаштириш концепция лойиҳасининг очиқ муҳокамаси ўтказилди.

 

Унда солиқ соҳаси экспертлари, ишбилармонлар уюшмалари, халқаро молия институтлари, мамлакатимиздаги дипломатик корпус вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 13 февралдаги "Солиқ қонунчилигини тубдан такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармойишига мувофиқ ишлаб чиқилган мазкур концепцияда бир қатор муҳим ўзгаришлар кўзда тутилган.

Концепцияда солиқ соҳасидаги ислоҳотларни янада такомиллаштириш, жумладан, солиқ юкини камайтириш, қўшилган қиймат солиғи ставкасини пасайтириш, қатор солиқлар ва мажбурий тўловларни бирхиллаштириш ҳамда бекор қилиш, шунингдек, солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни назарда тутувчи қатор ўзгартиришлар ўз ифодасини топган.

Хусусан, лойиҳада юридик шахсларнинг даромад солиғини бекор қилиш (тижорат банклари ва суғурта ташкилотлари бундан мустасно) ва дивидендлар солиғи 25 фоизли ставка бўйича фақатгина дивидендлар кўринишида тўланадиган даромадга солиқ солиш тартибини белгилашва қўллаш, юридик шахсларнинг даромади, яъни тушумларидан давлат мақсадли жамғармаларига ўтказиладиган барча мажбурий тўловларни бекор қилиш белгиланган.

Шунингдек, қўшимча қиймат солиғи ставкасини 20 фоиздан 12 фоизгача камайтириш, жисмоний шахслар даромад солиғи, фуқароларнинг ягона ижтимоий тўловлар ва суғурта бадалларини Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига солиққа тортиш 25 фоизли текис шкаладаги ставка бўйича якка тартибдаги жисмоний шахслар даромад солиғи сифатида бирхиллаштириш, якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан ишга олинадиган ишчилар сони кўпайтирилган ҳолда солиққа тортишнинг соддалаштирилган тизимини бекор қилиш, юридик шахсларнинг мулк солиғи бўйича солиқ юкини босқичма-босқич камайтириш ва ишлаб чиқариш бино ва иншоотларга солиқ солиш объектларидан чиқариб ташлаш ҳисобига камайтириш режалаштирилган.

Концепция лойиҳасида суғориш ва ер қаъридан фойдаланувчиларни солиққа тортиш тизимини такомиллаштириш, солиқ солиш базасини бирхиллаштириш ва устав капиталининг амалдаги тури бўйича роялти тўловига ўтказиш йўли билан устама фойда солиғини бекор қилиш, акциз солиғи турларини камайтириш ҳам кўзда тутилмоқда.

Очиқ мулоқот шаклида ташкил этилган тадбир давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган масалалар ва саволларга етакчи экспертлар ҳамда мутахассислардан жавоб олишди. Концепция муҳокамасига бағишланган бундай тадбирларни бошқа ҳудудларда ҳам ўтказиш режалаштирилган.

Ҳасан САЪДУЛЛАЕВ