Тошкент аэропорти ҳудуди "киракаш"лардан тозаланади

Маълумки, пойтахтимизга ташриф буюрган хорижлик меҳмонларни аксарият ҳолларда аэропорт ташқарисида кутиб турувчи хусусий такси эгалари меъёрдагидан бир неча баробар юқори нархларда манзилга элтиб қўйишга одатланишган. Баъзан иш йўл ҳақини турли йўллар билан сунъий тарзда ошириш у ёқда турсин, фирибгарлик даражасигача етиб борган. Яқинда интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали бундай ҳолатларни акс эттирувчи видеолавҳанинг намойиш этилиши жамоатчиликнинг муҳокамасига сабаб бўлди.

 

Дарҳақиқат, бугун ноқонуний киракашлик фаолияти билан шуғулланаётган фуқароларнинг ўзини тутиши, кийими, муомаласи, маданияти, унинг бошқарувида бўлган автоуловнинг техник ва гигиеник ҳолатини талаб даражасида, деб бўлмайди. Узоқ йўлдан чарчаб келаётган одам ҳали аэропорт ҳудудидан чиқмасидан "такси керакми, фалон сўмга олиб бориб қўяман" дея, унинг қўлидаги юкига ёпишиб, ҳар томонга тортқилаш, ҳатто, ҳайдовчиларнинг мижоз талашиб бир-бирлари билан даҳанаки айтишувларгача борадиган салбий ҳолатлар юртимизга ташриф буюрган меҳмонлар ва сайёҳларда ёқимсиз таассурот қолдириши бор гап.

Бундай нохуш ҳолатларга барҳам бериш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда қатор тадбирлар белгиланди ва уларни амалга оширишга киришилди. Хусусан, аэропорт ҳудудида автомашиналари белгиланган талаблар асосида жиҳозланган, ҳайдовчилари хушмуомала, тоза ва озода кийимда бўлган такси хизмати кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари учун махсус жойлар ажратилди. Уларга корхона номи, хизматлар нархи ҳақидаги ўзбек, рус ва инглиз тилларида баён этилган маълумотлар жойлаштирилади. Бир сўз билан айтганда, эндиликда хориждан пойтахтимизга ташриф буюрган меҳмонлар аэропорт ҳудудидан чиқмасдан туриб ўзларига маъқул бўлган тадбиркорлик субъектлари томонидан таклиф этилаётган йўловчи ташиш сифатли хизматларидан фойдаланиш имкониятига эга бўладилар.

Келгусида бу ерда автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланиш ҳолатларига барҳам бериш мақсадида, Тошкент халқаро аэропорти билан ҳамкорликда ҳудуддаги автомобиллар тўхташ жойларига ноқунуний фаолият учун белгиланган жазо чоралари ҳақида эслатма тарзидаги ахборот стендлари ҳам жойлаштирилди.

Шунингдек, аэропорт ҳудудига кириш назорат пунктига бу ерга кириб-чиқаётган автомобилларнинг давлат рақамлари ҳамда автоулов ҳайдовчисини қайд этувчи, йўловчиларни кутиш ва кузатиш жойларига ноқонуний йўловчи ташиш хизматларини таклиф қилаётган шахсларнинг хатти-ҳаракатларини ёзиб олишга мўлжалланган видеокамералар ўрнатилди. Мазкур видеокамералар ёрдамида олинган тасвирлар асосида ҳуқуқбузарларнинг автоуловлари давлат рақамлари рўйхати шакллантирилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг маълумотлар базаси ёрдамида ушбу ҳуқуқбузарликни содир этган фуқаронинг шахси ва яшаш манзили аниқланади.

Давлат солиқ хизмати органлари томонидан аэропорт ҳудудида ҳуқуқбузарликларни содир этган шахслар билан профилактик тадбирлар ўтказилиб, уларга тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтган ва рухсат этувчи зарур ҳужжатларни расмийлаштирган тақдирда маъмурий ва жиноий жавобгарликдан озод этилиши батафсил тушунтирилиб, расмий огоҳлантириш хати берилмоқда.

Агар ушбу огоҳлантиришлардан кейин ҳам ҳуқуқбузарлик ҳолатлари қайд этилса, уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 176-3-моддасига асосан, энг кам иш ҳақининг 20 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима солинади. Республикамизда бугунги кундаги энг кам ойлик иш ҳақи 172 240 сўм эканлигини ҳисобга олсак, бундай миқдордаги жариманинг 3 444 800 сўмдан 17 224 000 сўмгачани ташкил этиши маълум бўлади. Шунингдек, бундан буён мониторинг натижаларига кўра аниқланган ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги маълумотлар даврий матбуот нашрларида эълон қилиб борилади.

Албатта, бундай қатъий чораларнинг қўлланилиши, кимнидир атайин жазолаш учун амалга оширилаётгани йўқ. Аксинча улардан кўзланган асосий мақсад, хорижий меҳмонлар ва сайёҳлар, қолаверса, мамлакатимиз аҳолиси хавфсизлигини таъминлаш, уларга замон талабларига мос, сифатли ва қонуний асосдаги транспорт хизматларини кўрсатишдир. Зеро, пойтахтимизнинг бош дарвозаларидан бири бўлган аэропортдаги тартиб, интизом ва саришталик нафақат юртимиз обрўсини кўтаришга, балки маданиятимизни намоён этишга ҳам хизмат қилади.

Музаффар Юсуф НАЗАРОВ,
Давлат солиқ қўмитасининг Жамоатчилик билан алоқалар
ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи.