Туризм салоҳиятини ривожлантириш изчил давом эттирилади

Мамлакатимизда қисқа вақт ичида Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини комплекс равишда ривожлантиришга йўналтирилган 20 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди, улар ўз навбатида туризм соҳасидаги янги давлат сиёсатига асос бўлди, туризм соҳасидаги субъектларга аҳамиятли тарзда солиқ ва божхона имтиёзлари ва афзалликларини берди. Соҳадаги мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш борасидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 февралдаги "Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони бу борада муҳим аҳамият касб этди.

Хусусан, мазкур Фармонда Исроил давлати, Индонезия Республикаси, Корея Республикаси, Малайзия, Сингапур Республикаси, Туркия Республикаси ва Япония фуқаролари, шунингдек, Ўзбекистон Республикасига мунтазам авиақатновларни амалга оширувчи хорижий авиакомпаниялар ҳаво кемалари экипажининг аъзолари учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирган кундан эътиборан 30 кунлик муддатга визасиз режим белгиланиши кўзда тутилган.

Шунингдек, Европа иттифоқи, Шарқий Осиёнинг бир қатор давлатлари ва Яқин Шарқ мамлакатларининг ҳамда Ҳиндистон Республикаси, Канада, Янги Зеландия, Америка Қўшма Штатлари каби 39 та мамлакат фуқаролари учун Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига туристик ваучерни ёхуд Ўзбекистон Республикасига таклиф қилаётган юридик ёки жисмоний шахснинг мурожаатномасини тақдим этишга оид талаб бекор қилинишини ҳамда ҳужжатларни қабул қилиш куни ҳисобга олинмаган ҳолда икки иш куни мобайнида визани расмийлаштиришни кўзда тутадиган туризм визаларини расмийлаштиришнинг 2018 йил 10 февралдан эътиборан соддалаштирилган тартиби киритилди. Шу билан бирга, 2018 йилнинг 1 июлидан эътиборан бир қатор хорижий мамлакатлар фуқаролари учун электрон кириш визаларини бериш тизими жорий этилади.

Фармонда туризм соҳасидаги тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида меҳмонхоналар, улар бўйидаги йўл, муҳандислик ва коммуникация инфратузилмаларини қуриш бўйича инвестиция лойиҳаларини биргаликда молиялаштириш учун туризм соҳаси тадбиркорлик субъектларига кредит маблағларини ажратиш мақсадида Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг кредит линияларини очиш назарда тутилган.

Асосий фаолияти тематик хиёбонлар хизматларини ташкиллаштиришдан иборат бўлган юридик шахслар тематик истироҳат боғларини фойдаланишга топшириш санасидан бошлаб 3 йил муддатга юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, ер солиғи ва мол-мулк солиғини ҳамда ягона солиқ тўловини тўлашдан озод этилади.

Шунингдек, тематик хиёбонлар, меҳмонхоналар ва бошқа жойлаштириш воситаларини қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш учун тематик хиёбонлар, меҳмонхоналар ва бошқа жойлаштириш воситалари томонидан 2022 йилнинг 1 январигача олиб кирилаётган жиҳозлар, техника, хом ашё, бутловчи буюмлар ва захира қисмлари ва қурилиш материаллари ва Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган бошқа материаллар божхона тўловларидан озод этилади.

Бундан ташқари, туризм соҳасида фаолият юритадиган тадбиркорлик субъектлари республика ҳудудига олиб кирилаётган туристик тоифадаги транспорт воситалари ҳамда канат йўли, тоғ-чанғи кўтаргичлар, фуникулёрлар ва бошқа шунга ўхшаш объект ва иншоотларни қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш учун жиҳозлар, механизмлар ва захира қисмлари, шунингдек, ҳаво шарлари, аэростатлар, квадроцикллар ва моторли қайиқлар учун 2022 йилнинг 1 январигача божхона тўловларидан озод этилади.

Фармон билан ахборот-коммуникация технологияларини туризм соҳасига жадал татбиқ этиш мақсадида қуйидагилар назарда тутилган:

- 2018 йилнинг 1 январидан эътиборан туризм маҳсулотларини сотиш ва/ёки туризм хизматларини онлайн бронлаш бўйича хизмат кўрсатувчи хўжалик юритувчи субъектларга электрон тўловлар, бронлаш, эквайринг ва бошқа электрон хизматларни татбиқ қилиш, шунингдек, туризм хизматларининг замонавий турларини таклиф қилувчи ихтисослаштирилган интернет-сайтлар ва порталларни йўлга қўйишни рағбатлантиришга йўналтирилган солиқ имтиёзларини тақдим этиш;

- жамоат жойларида Интернет тармоғига симсиз бепул уланиш ҳудудлари (Wi-Fi) билан жиҳозлаган операторлар, провайдерлар ва бошқа хўжалик юритувчи субъектларга фойдаланувчиларнинг шахсини мажбурий тартибда аниқлаш билан биргаликда тегишли сифатдаги уланишни таъминлаш бўйича мажбурият қўйилди;

- ўз ҳудудида Интернет тармоғига симсиз бепул уланиш ҳудудларини (Wi-Fi) ўрнатган хўжалик юритувчи субъектларга тегишли сифатдаги симсиз уланиш ҳудудини кенгайтириш учун асбоб-ускуналарни харид қилиш ва интернет-трафикни сотиб олишга йўналтирилган солиқ имтиёзларини жорий этиш;

- Интернет тармоғига симсиз бепул уланиш ҳудудларини (Wi-Fi) барпо этган операторлар, провайдерлар ва бошқа хўжалик юритувчи субъектларга бундай ҳудудлар ташкил этилган жойда беғараз асосда 18 кв.м.дан ортиқ бўлмаган майдондаги реклама баннери ёки ромларини ўрнатиш ҳуқуқини тақдим этиш.

Туну кун намойиш этиладиган "Dunyo Bo`ylab" телеканали Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг ички туризм, дам олишнинг фаол турлари ва спорт туризмини ривожлантириш, маданий мерос объектлари ва табиий бойликлар, шу жумладан, қўриқланадиган табиат ҳудудларини сақлаш ва улардан фойдаланиш бўйича ўтказиладиган тадбирларни ёритиш масалалари бўйича ахборот ҳамкори сифатида белгиланди.

Фармонда белгиланган тадбирларнинг амалга оширилиши ички ва зиёрат туризмларини жадал ривожлантириш ва уларнинг бой салоҳиятидан ҳар томонлама фойдаланиш учун янада қулай шароитлар яратади.

ЎзА ахбороти асосида тайёрланди