Тўловларни онлайн тарзда амалга ошириш мумкин

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан жорий йилнинг 1 февралидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун давлат божи ва бошқа тўловларни электрон тарзда амалга ошириш механизми жорий этилди.

Фуқаролар нотариал ҳаракатларни амалга ошириш мақсадида нотариал идораларга мурожаат этганда, давлат божи ва бошқа тўловларни мобиль телефонлар имкониятидан фойдаланган ҳолда тўлов тизимлари орқали амалга ошириш мумкин бўлади. Бу жараёнда QR кодлардан фойдаланиш имконияти ҳам яратилди.

Нотариал ҳаракатлар учун қанча бож тўланиши компьютер томонидан автоматик равишда шакллантирилади, тўлов квитанциялари алоҳида ёзилмайди. Шу билан бирга, фуқароларга қулай ва тушунарли бўлиши учун ягона андозада тўлов квитанцияси жорий этилди. Тўловлар банк кассалари ёки мобиль телефонлар орқали амалга оширилишидан қатъи назар, бу ҳақдаги маълумот "Нотариус" ахборот тизимида онлайн тарзда акс эттирилади.

Эндиликда фуқаролар давлат божи ва бошқа тўловларни амалга ошириш учун кассаларда навбат кутиб туриши кескин камаяди, фуқаролардан белгиланганидан ортиқча пул маблағлари талаб этилиши ҳолатларига барҳам берилади.

Жорий этилган янгилик аҳолига қулайлик яратиши билан бирга ҳуқуқий хизмат кўрсатиш жараёнида сифат ва тезкорликни таъминлайди ҳамда коррупциянинг олдини олишга хизмат қилади.

ЎзА.