Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини баҳоланг

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан my.soliq.uz – "Электрон солиқ хизматлари" порталида янги "Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини баҳолаш" интерактив хизмати тест режимида ишга туширилди.

Мазкур интерактив хизматдан фойдаланиш учун my.soliq.uz – "Электрон солиқ хизматлари" порталининг "Тест режимида ишлаётган хизматлар" бўлимига кириш ва "Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини баҳолаш" интерактив хизматини танлаш керак. Шундан сўнг, баҳоланадиган давлат солиқ хизмати органини танлаш, ўзи ҳақида қисқача маълумотларни (Ф.И.Ш, манзили, телефон) киритиш, баҳолаш мезонларидан бирини танлаб, саволларга жавоб бериш имкониятлари тақдим этилади.

Ҳар бир берилган саволга "яхши – 5 балл", "қониқарли – 3 балл" ёки "қониқарсиз – 0 балл" тарзида баҳо қўйилади ва қониқарсиз қўйилган баҳога изоҳ қолдириш мумкин бўлади. Мазкур интерактив хизматдан фойдаланган ҳолда давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини бир нечта мезонлар бўйича баҳолаш мумкин, яъни:

Масъулиятлилик мезони – бунда Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Солиқ кодекси, "Давлат солиқ хизмати тўғрисида"ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармон, қарор ва фармойишлари, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг қарор ва фармойишлари билан давлат солиқ хизмати органларига юклатилган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини баҳолаш имконияти яратилган.

Очиқлик мезони – бунда солиқ соҳасидаги нормалар, унга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар, шунингдек, амалга оширилаётган ишларнинг натижадорлиги юзасидан маълумотларнинг оммавий ахборот воситалари орқали солиқ тўловчиларга етказилиши, солиқ тўловчилар иштирокида тарғибот тадбирлари ўтказилиши борасида давлат солиқ хизмати органлари томонидан амалга оширилаётган ишлар баҳоланади.

Шаффофлик мезони бўйича давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ объектларининг ҳисобга олиниши, солиқ ставкаларининг қўлланилиши, солиқларнинг ҳисобланиши, ундирилиши, ҳисоби юритилиши ва солиқ тўловчиларнинг давлат бюджети билан бўлган муносабатларининг очиқлигини баҳолаш мумкин.

Ўзаро ҳамкорлик мезони – солиқ мажбуриятларини бажаришда солиқ тўловчиларга кўмак берилиши, давлат солиқ хизмати органлари ва ҳалол солиқ тўловчилар ўртасида кенгайтирилган ахборот алмашинувини назарда тутувчи солиқ мониторинги олиб борилиши, фаолият кўрсатмаётган корхоналарнинг фаолиятини тиклашга кўмак берилиши йўналишидаги ишлар баҳоланади.

Ходимларнинг хизмат кўрсатиш тезкорлиги мезони – бунда солиқ тўловчилар томонидан солиқ мажбуриятлари юзасидан сўралган ахборотларнинг белгиланган тартиб ва муддатларда етказилиши, солиқ ҳисоботлари қабул қилиниши, давлат хизматларини амалга ошириш бўйича белгиланган интерактив хизматларнинг кўрсатилишини баҳолаш мумкин.

Ваколатлилик мезони – қонун ҳужжатлари билан давлат солиқ хизмати органлари ходимларига берилган ваколат доирасида вазифаларнинг бажарилиши, юридик ва жисмоний шахсларнинг солиқ солиш ва солиқ қонунчилиги бузилиши масалалари бўйича мурожаатлари белгиланган тартибда кўриб чиқилиши баҳоланади.

Хушмуомалалик мезони бўйича давлат солиқ хизмати органлари ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари асосида солиқ тўловчилар билан мулоқотда бўлишини баҳолаш имконияти берилади.

Эслатиб ўтамиз, баҳолаш якунлари умумлаштирилиб, камчиликларни бартараф этиш, фаолиятни янада такомиллаштириш бўйича тадбирлар ишлаб чиқилади. Шундай экан, "Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини баҳолаш" интерактив хизматидан фойдаланиб, давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини баҳоланг.

Камолиддин ХОТАМОВ, Давлат солиқ қўмитаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бош мутахассиси